Logo
search icon
global icon

uzb

iconshadow
iconshadow
iconshadow
[object Object]

Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Реавнинг китобининг тақдимоти бўлиб ўтди

13:14 / 22.08.2024

2024 йил 22 августда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси, давлат ва жамоат, маданият арбоби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси Султон Раевнинг “Танланган асарлар” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, илмий, адабий жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. 
Султон Раевнинг “Танланган асарлар” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп қилинган бўлиб, унга адибнинг “Тўфон” романи, “Қуёш тутилган кунда” номли қиссаси, бешта саҳна асари, ўнга яқин ҳикоялари киритилган.  Адибнинг асарлари “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” ва “Шарқ юлдузи”, “Ҳуррият” каби қатор газета-журналларда эълон қилинган. 2021 йили ўзбек тилида нашр этилган “Туркий адабиёт дурдонлари” 100 жилдлик мажмуасига унинг бир туркум ҳикоялари киритилган.
Султон Раев Қирғизистон Республикасида Таълим ва маданият вазири ўринбосари, Маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди президенти, Маданият вазири, Президент маслаҳатчиси, Маданият, ахборот ва туризм вазири каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилган. 2021-2022 йилларда Туркий давлатлар кенгаши Бош котибининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган бўлса, 2022 йилда ТУРКСОЙ бош котиби этиб сайланди. Шундан буён у туркий тилли давлатлар маданиятини ривожлантириш ва уларни жаҳон миёқсида танитиш борасида ўнлаб лойиҳаларни амалга оширишда бош-қош бўлмоқда.
Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, ёзувчи Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, академик Акмал Саидов, Турк дунёси Ёзарлар бирлиги раиси Улуғбек Эшдавлат, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов, “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова, филология фанлари доктори Жаббор Эшонқул ва бошқалар сўзга чиқиб, адиб ижоди, унинг туркий адабиёт ривожидаги тутган ўрни, туркий тилли мамлакатлар ўртасида маданий алоқаларни ривожлантиришда адабиётнинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди. Тақдимот сўнггида таниқли адиб адабиёт ихлосмандларига дастхат қўйилган китобларини ҳадя қилди.

twitter buttontwitter buttontwitter button
Яндекс.Метрика
twitter button

+998 71 215 57 22