ТОШКЕНТДА «ШАРҚ РЕНЕССАНСЛАРИ ФЕНОМЕНИ: САЛТАНАТЛАР, ДИНЛАР, ШАХСЛАР ВА ТАМАДДУНЛАР» МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИНИ ЎТКАЗИШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИЛМОҚДА
Жорий йилнинг 18-27 октябрь кунлари Ўзбекистон пойтахти халқаро маданий мулоқот марказига айланади. Тошкентда "Шарқ Ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар" номли маданий мерос ҳафталиги ўтказилади. Ушбу тадбир доирасида конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотлар ташкил этилади. Тадбирда 100 дан ортиқ хорижий олим ва мутахассислар, жумладан, халқаро маданий ташкилотлар раҳбарлари, чет эл музей ва кутубхоналари бошқарувчилари иштирок этиши кутилмоқда. CNN ва Euronews телеканаллари ахборот йўналишида кўмаклашади.
Тошкентда Маданий мерос ҳафталигини ўтказишнинг асосий мақсади халқаро мулоқот ва ўзаро билим алмашишни мустаҳкамлаш, чет эллик ҳамкорлар билан янги қўшма лойиҳаларни тасдиқлаш бўлиб, булар мамлакат маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш учун йўналтирилган. Бу тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқ равишда ўтказилмоқда.
18-28 октябрь кунлари ҳафталик доирасида Тошкент аҳолиси ва пойтахт меҳмонлари ташриф буюриши мумкин бўлган кўргазмалар ташкил этилади. Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросига бағишланган ноёб экспозициялар Темурийлар тарихи давлат музейи, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ва Ўзбекистон тарихи давлат музейининг Тошкент филиалида намойиш этилади.
Илмий доира вакиллари ва расмийлар иштирокида мавзуга оид форумлар ўтказилади. Маданий мерос ҳафталигининг ҳар бир куни исломгача бўлган даврдан бошлаб Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс давригача бўлган даврларга бағишланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган "Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази" мега лойиҳаси тақдимоти ҳафталикнинг муҳим қисми бўлади. Маданий мерос ҳафталиги иштирокчилари қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази биносига ташриф буюриш ва у ерда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ноёб илмий лойиҳалар тақдимоти ўтказиш учун ноёб имкониятга эга бўладилар. Шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) аъзолари иштирокида ташкил этиладиган Марказнинг музей залларида мавзули кўргазма ва экспозициялар очилади.
Умуман олганда, Маданий мерос ҳафталиги Самарқандда ўтказилган VIII Конгресс доирасида бошланган ва тасдиқланган бир қатор йирик лойиҳаларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Эндиликда, ушбу лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёни бошланмоқда.
ЎЗБЕКИСТОН-ТУРКИЯ ОЛИМЛАРИ ПЛАТФОРМАСИ ЯРАТИЛАДИ
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 15-19 сентябрь кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ф. Абдухаликов бошчилигидаги делегация аъзолари иштирокида Туркияда бир қатор тадбирлар, давра суҳбатлари, тақдимот ва кўргазмалар ўтказилди.
Дастлаб, марказ вакиллари томонидан 15 сентябрь куни Истанбул шаҳридаги “Outdor Factory” компанияси фаолияти яқиндан ўрганилди. Мазкур компания айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейини бойитиш бўйича ўз лойиҳаларини тақдим этган. Компания раҳбари Синан Тураман Туркия Президентининг Истанбул шаҳридаги музейида олиб борилаётган ишлар билан таништирди.
Сафар давомида Истанбул шаҳридаги Аё София мажмуаси, Кўк масжид, Тўпқопи саройи, қадимги Эфес шаҳри ва Галикарнас мақбараси каби машҳур тарихий ёдгорликларнинг кичик моделларини ўз ичига олган Очиқ осмон остидаги миниатюралар музейи – Miniatürk сингари диққатга сазовор жойларда қатор учрашувлар ўтказилди. Марказ мутахассислари ушбу тарихий обидалар ва музейлар, кутубхона ва бошқа маърифий муассасалар тажрибасини ўрганишди.
Марказ делегацияси сафар давомида Туркиядаги ана шундай муассасаларда замонавий интерактив дастурлар, ахборот технологияларининг энг сўнгги ютуқларидан қай даражада фойдаланилаётганига эътибор қаратди.
Жумладан, Болалар ва ёшлар учун мўлжалланган “Deneyap Technology Atölyesi” таълим дастури, “Истиқлол” Истанбул иллюзиялар музейи, Туркия Замонавий санъат музейи, Истанбулнинг Усмоний султон Меҳмед Фотиҳ томонидан фатҳ этилишига бағишланган “Панорама 1453” музейи, Аё София тарихи музейида бу борада жаҳондаги энг илғор ва замонавий методлар, турли 3D шоулар, видео-контентлар ишлатилаётгани маълум бўлди.
Илмий-ижодий сафар асносида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий маслаҳатчиси Халит Эрен, Миллий саройлар бошқармаси бошлиғи Ясин Йилдиз, Туркия қўлёзмалар идораси раҳбари Жўшкун Йилмаз, қатор нуфузли олий ўқув юртлари профессорлари, олим ва мутахассислар ҳамроҳлик қилишди.
Истанбулдаги учрашувлар, ташрифлар чоғида Ўзбекистон маданий мероси билан боғлиқ қатор нодир қўлёзмалар ва тарихий экспонатлар билан ҳам таншилди.
Жумладан, Турк ва Европа меъморчилигининг нодир намунаси “Юлдуз” саройида Қўқон хони Амир Умархон турк султони Маҳмуд II га ҳадя қилган Қуръони Карим нусхаси сақланмоқда. Тўпқопи музейида темурийлар даврига оид қатор нодир осори атиқалар, Бухоро амирининг турк султони Абдулҳамид II га юборган ҳадялари, ислом оламининг энг нодир ва муқаддас омонатлари ўзбекистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Туркия тарихидаги муҳим масканлардан бири – Долмабахче саройида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов ва Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий саройлар бошқармаси раиси Ясин Йилдиз ўртасидаги учрашувда муштарак миллий меросимизни ўрганишда илмий куч ва имкониятларни бирлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан дунё миқёсида ислом динининг маърифатпарварлик тамойилларини кенг тарғиб қилиш, маданий меросни асраб-авайлашда амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга молик, - деди Ясин Йилдиз. – Бу борада Туркияда ҳам ниҳоятда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги музокараларда ҳам бу борада ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Ўйлаймизки, ўзбекистонлик дўстларимизнинг бу ташриф ҳар икки юрт олимлари ва тадқиқотчилари учун янги имкониятлар эшигини очади.
Учрашувда бу борада ўзбек ва турк олимларининг ҳамкорлиги доирасида қўшма форум ташкил қилиш таклиф қилинди. Ясин Йилдиз Туркиядаги миллий саройлар, музей ва кутубхоналар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидан янги китоб-альбомлар чоп этиш бўйича ҳамкорлик қилишини билдирди.
Туркия замини буюк азиз-авлиёлар, улуғ мутафаккирлар хоки мангу қўним топган замин. У ерда Ўзбекистон заминида етишиб чиққан ва қадим Рум ўлкасига сафар қилиб, шу ерда умрининг сўнгги дамларида яшаб ижод қилган аждодларимиз хоки ётибди. Делегация вакиллари Истанбулнинг Айюб Султон мақбарасида дафн қилинган Али Қушчи қабри, Ускударда бир пайтлар ҳаж зиёратига отланган ҳамюртларимиз учун вақтинча бошпана вазифасини ўтаган Ўзбеклар теккеси (хонақоҳи)ни зиёрат қилиб, аждодларимиз руҳига ҳурмат бажо келтирилди.
Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази – ИРСИКАнинг собиқ раҳбари Халит Эрен Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
— Ўзбекистон раҳбари томонидан амалга оширилаётган умуминсоний ислоҳотларни мунтазам кузатиб бораман, - деди Халит Эрен. – Яқинда бу ислоҳотларнинг жаҳоншумул аҳамиятига бағишланган махсус мақоламни Туркияда инглиз тилида чоп этиладиган “Daily Sabah” газетасида эълон қилган эдим. Бу мақола ва барча дипломатик корпус вакиллари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликдаги Туркияда сақланаётган Ўзбекистонга оид энг нодир Қуръон қўлёзмалари лойиҳаси устида иш олиб боряпман.
Айни пайтда Марказ раҳбарияти томонидан қардош юртдаги матбаа корхоналари, хаттот ношир ва дизайнерлар билан ҳам доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу галги сафар чоғида “Мега Басим” нашриёт уйи директори Ҳасан Конду, Қуръони Каримни 1500 йиллик хат ва безак услубларини ўз ичига олган қўлёзма хаттоти Ҳусайн Кутлу билан музокаралар олиб борилди. “Ўзбекистон қўлёзма меросида тарихий шахслар”, “Клавихонинг Амир Темур салтанатига саёҳати”, “Қуръони Каримнинг 114 нодир қўлёзмаси”, “Ўзбекистоннинг ноёб мусҳафлари” китоб-альбомларини чоп этиш бўйича учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.
Делегация вакиллари иштирокида 17 сентябрь куни Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази – ИРСИКА ташкилоти биносида мамлакатимизнинг қадимий ва бой тарихи, бетакрор маданияти ҳақида “Янги Ўзбекистон: замон, макон ва маданий мерос” мавзусидаги фотокўргазма ташкил қилинди. Фотокўргазма доирасида “Ўзбекистон-Туркия: туташ илдизлар ва умумий мерос” медиа-ивент дастури ва “Ўзбекистоннинг буюк алломалари энциклопедияси” лойиҳаси тақдимотлари ўтказилди.
Ушбу тадбир давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий илмий текшириш марказлари тақдимотлари ўтказилди. Шунингдек медиа-ивент доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ислом тадқиқотлар маркази ва ИРСИКА ўртасида “Ўзбекистоннинг буюк алломалари” энциклопедиясини яратиш бўйича келишиб олинди.
18-19 сентябрь кунлари ҳам ўзаро манфаатли учрашувларга бой бўлди. Жумладан, Фуат Сезгин илм-фан ва технологиялар тарихи музейи, Тўпқопи саройи музейи, Турк-ислом санъати музейи тажрибаси яқиндан ўрганилди. Бир қатор тарихий нодир қўлёзмалар, жумладан Қуръони Каримнинг Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон даврида яратилган, темурий шаҳзода Бойсунқур Мирзо томонидан кўчирилган нусхаларининг факсимиле нашрларини яратиш юзасидан музей раҳбарлари билан келишувга эришилди. Туркия қўлёзма асарлар бошқармаси раиси профессор Жўшқин Йилмаз томонидан “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг XIII асрда кўчирилган энг қадимги тўлиқ қўлёзмасининг факсимиле нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий инновацион музейига ҳадя қилинди.
Ана шундай қизиқарли, фойдали учрашувлар, музокаралар Туркия пойтахти Анқара шаҳрида ҳам давом этди. 17 сентябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан Анқара университети Илоҳиёт факультети ҳамда Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллат кутубхонасида юртимиздаги мазкур марказларнинг тақдимотлари ташкил этилди. Хусусан, Туркия Миллий кутубхонасида ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бурчагини янада бойитиш бўйича ушбу кутубхона мутасаддилари билан музокаралар олиб борилди.
Бошқарма ҳузуридаги Сулаймония кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар фонди билан танишилди ва китобларни сақлаш шароитлари ўрганилди, тажрибалар алмашилди. Шундан сўнг делегация аъзолари Ромий кутубхонасининг реставрация лабораториясида бўлиб, у ердаги иш жараёнлари, қадимий қўлёзма манбаларни тиклаш-таъмирлаш тажрибалари билан танишилди. Айни пайтда бу ерда ўзбекистонлик бир гуруҳ реставраторлар ҳам тажриба ўтамоқда.
— Туркияга бу галги ташрифимиз жуда эсда қоларли ва манфаатли бўлди, дейиш мумкин, - деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов. – Яқинда Самарқанда ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” Халқаро конгрессида 40 га яқин туркиялик олимлар иштирок этиб, марказимиз фаолиятини такомиллаштириш юзасидан 30 дан ортиқ таклиф ва лойиҳаларни илгари суришган эди. Биз ушбу мутахассислар билан учрашиб, уларнинг ўз лойиҳалари бўйича ишларни давом эттириш юзасидан музокаралар олиб бордик.
Турк музей ва кутубхоналаридаги Ўзбекистон маданий меросига оид экспонатлар билан яқиндан танишиб, икки халқ маданияти, тарихи ва тақдири бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканига янада ишонч ҳосил қолдик. Бу сафаримиздан олинган хулосалар кейинги фаолиятимиз йўналишларини аниқ ва тўғри белгилаб олишимизда катта ўрин тутади.
ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТУРКИЯДА
Ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Туркияни кўп қиррали ҳамкорлиги йилдан йилга янада кенгайиб, янги босқичга кўтариляпти. Сўз исботи сифатида айтиш мумкинки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Туркия Республикасида бўлиб турибди.
Ташрифдан мақсад эса халқаро маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва тажриба алмашишдир. 15 сентябрь куни маданият ва музей муассасалари учун инновацион ечимларни ишлаб чиқиш бўйича ихтисослашган “Outdoors Factory” компанияси ҳамрохлигида Истанбулдаги бир қатор замонавий музейларга саёҳат ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад эса музейларда замонавий технологияларни жорий этишдаги энг яхши амалиётларни ва уларнинг маданий меросни сақлашга таъсирини ўрганишдан иборат.
Ҳозирги замонавий технологиялар ёрдамида маданий мерос ва қадриятларни кенг жамоатчилик, жумладан, ёш авлод учун қизиқарли тарзда тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Делегация аъзолари Византия даврининг қадимий ерости иншоотларидан бири бўлган Шерефийе ерости сардобаси (Şerefiye Sarnıcı) билан танишишди. Бу иншоот император Феодосий II (401–450 й.) даврида Константинополда сув сақлаш учун қурилган. Ҳозирги кунда бу ерда сув таъминоти тарихи ҳақида визуал ҳикоя қилувчи 3D мэппинг технологияси асосидаги ўзига хос объект мавжуд. Шунингдек, делегация ҳашаматли Айя София ибодатхонаси, Кўк масжид, Тўпқопи саройи, қадимги Эфес шаҳри ва Галикарнас мақбараси каби машҳур тарихий ёдгорликларнинг кичик моделларини намойиш қилувчи Очиқ осмон остидаги миниатюралар музейида ҳам бўлишди. Музей ташриф буюрувчиларга бу муҳим иншоотларнинг моделларини бир жойда кўриш ва тарихга қисқача сайр қилиш имконини тақдим этади.
“Deneyap Technology Atölyesi” интерактив музейи болалар ва ёшлар учун таълим дастурининг бир қисми бўлиб, янги технологиялар, дастурлаш ва сунъий интеллект ёрдамида фан ва маданиятни ўрганишга имкон беради.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази вакиллари музей экспозицияларида замонавий технологияларни жорий этишнинг маданий меросни сақлаш ва унинг янги шаклларини яратишдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлашди.
Музей раҳбарлари ва Outdoors Factory раҳбари Синан Турамон билан ўтказилган муҳокамаларда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида интерактив дастурларни ривожлантириш ва ташриф буюрувчиларни кенгроқ жалб қилиш учун технологиялардан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
“Ҳозирги замон маданий меросни сақлаш ва оммалаштириш учун янги ёндашувларни талаб қилади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий вазифаси – бой мазмун билан тўлдирилган ва замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилган контентлар яратишдир. Замонавий музейлар фақатгина артефактларни сақлаш жойлари эмас, балки ташриф буюрувчилар билан интерактив мулоқот қилиш учун фаол майдондир. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган бу маданий-гуманитар мегалойиҳага бу каби технологияларни жорий қилиш ислом маданий меросини янги авлод ва кенг оммага қизиқарли тарзда тақдим этишда янги йўлларни очади”, – деди Фирдавс Абдухолиқов. – “Бу ёндашув кўп асрлик анъаналарни замонавий технологиялар орқали сақлаш ва ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлади”.
Делегациянинг Туркияга ташрифи Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Истанбул музейлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, маданият ва инновациялар соҳасида тажриба алмашиш учун янги имкониятлар эшигини очади. “Делегациянинг Истанбулга ташрифи доирасида ИРСИКАда медиа тадбир, шунингдек, қатор музейларга ташриф, меморандумлар имзолаш ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази концепциясини янги мазмун билан бойитишга кўмаклашадиган келишувларни тузиш режалаштирилган”, – деди марказ раҳбари.
ЖАҲОН ОЛИМЛАРИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВГА ИЛМ ВА МАДАНИЯТНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАГАНИ УЧУН МИННАТДОРЛИК БИЛДИРИШДИ
Самарқанддаги Конгресслар марказида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) VIII Халқаро конгресси бўлиб ўтди. Дунёнинг 35 давлатидан 300 дан ортиқ иштирокчи Самарқанд декларациясини қабул қилишиб, Ўзбекистон Республикаси Президентига анъанавий Мурожаатнома билан чиқишди. Тадқиқотчилар Шавкат Мирзиёевга жорий йил 24 август куни бўлиб ўтган “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” VIII Халқаро конгрессининг очилиши муносабати билан иштирокчиларга йўллаган табриги учун миннатдорлик билдиришди.
Мурожаатда Ўзбекистон раҳбарининг ноёб муаллифлик мега-лойиҳаси – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази юксак баҳоланди. Иштирокчилар маданият масканларида бўлиб, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом ал-Бухорий маънавият марказида барпо этилаётган маҳобатли иншоотлар билан танишди. Конгресс давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини сифатли мазмун билан тўлдириш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга қаратилган 300 дан ортиқ маърузалар, таклифлар, интервьюлар, баёнотлар ва тақдимотлар тақдим этилди.
Ялпи мажлис доирасида иштирокчилар WOSCU VIII Халқаро Конгресси якунларини сарҳисоб қилдилар ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мазмуни учун асос бўлиб хизмат қиладиган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қўшма лойиҳалари “Йўл харитаси”ни тасдиқладилар. Долзарб вазифалар қаторига ноёб қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини яратиш, музейшуносликдаги инновацион ишланмалар, янги археологик ва этнографик экспедициялар, ҳаттоки сунъий интеллектни фанга жорий этиш каби масалалар ҳам киради.
Қабул қилинган Самарқанд декларацияси конгресснинг тўрт кунлик ишини якунлаб, тадбир иштирокчиларининг тараққиёт ва маърифат ғояларига содиқлигини тасдиқлади. IRCICA, TURKSOY, “Al Furqan” жамғармаси, Араб дунёси институти, Халқаро Туркий академия каби 10 та йирик халқаро ташкилот раҳбарлари, 15 нафар академик, 40 нафар профессор ва доцент, 103 нафар фан доктори, 54 та музей ва кутубхоналар директорлари, 5 нафар олий ўқув юртлари ректорлари, 5 та нашриёт уйи директорлари 35 давлатдан 300 дан ортиқ иштирокчилар номидан мурожаатни “Al Furqan” жамғармаси директори Сали Шаҳсивари ўқиб эшиттирди.
Конгресснинг якуний йиғилишида WOSCU халқаро мукофоти – “Олтин китоб” тақдим этилди, бу йил у Саудия Арабистони, Қозоғистон, Туркия, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардан келган 10 нафар шарқшунос олимларга насиб этди.
Шунингдек, 20 та хорижий оммавий ахборот воситалари, жумладан CNN, Euronews, “Россия-Культура”, “Мир”, “Россия-24” ва Марказий Осиё давлатларининг телеканаллари журналистлари таклиф этилди
Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Реавнинг китобининг тақдимоти бўлиб ўтди
2024 йил 22 августда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси, давлат ва жамоат, маданият арбоби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси Султон Раевнинг “Танланган асарлар” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, илмий, адабий жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Султон Раевнинг “Танланган асарлар” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп қилинган бўлиб, унга адибнинг “Тўфон” романи, “Қуёш тутилган кунда” номли қиссаси, бешта саҳна асари, ўнга яқин ҳикоялари киритилган. Адибнинг асарлари “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” ва “Шарқ юлдузи”, “Ҳуррият” каби қатор газета-журналларда эълон қилинган. 2021 йили ўзбек тилида нашр этилган “Туркий адабиёт дурдонлари” 100 жилдлик мажмуасига унинг бир туркум ҳикоялари киритилган.
Султон Раев Қирғизистон Республикасида Таълим ва маданият вазири ўринбосари, Маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди президенти, Маданият вазири, Президент маслаҳатчиси, Маданият, ахборот ва туризм вазири каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилган. 2021-2022 йилларда Туркий давлатлар кенгаши Бош котибининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган бўлса, 2022 йилда ТУРКСОЙ бош котиби этиб сайланди. Шундан буён у туркий тилли давлатлар маданиятини ривожлантириш ва уларни жаҳон миёқсида танитиш борасида ўнлаб лойиҳаларни амалга оширишда бош-қош бўлмоқда.
Тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, ёзувчи Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, академик Акмал Саидов, Турк дунёси Ёзарлар бирлиги раиси Улуғбек Эшдавлат, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов, “Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонова, филология фанлари доктори Жаббор Эшонқул ва бошқалар сўзга чиқиб, адиб ижоди, унинг туркий адабиёт ривожидаги тутган ўрни, туркий тилли мамлакатлар ўртасида маданий алоқаларни ривожлантиришда адабиётнинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишди. Тақдимот сўнггида таниқли адиб адабиёт ихлосмандларига дастхат қўйилган китобларини ҳадя қилди.
Мадрид шаҳрида “114 Қуръон” лойиҳаси бўйича музокаралар олиб борилди
Мадрид шахрида WOSCU бошқаруви раиси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов таниқли қуръоншунос, шарқшунос олими Француа Дерош ҳамда Kulturalis нашриёти раҳбари Шарлотта Крамер учрашди. Учрашувда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, 114 та қуръони карим саҳифаларини бир тўпламда нашр этишни мақсад қилган “114 Қуръон” лойиҳаси доирасида музокаралар олиб борилди. Ушбу лойиҳада Француа Дерош илмий координатор сифатида иштирок этадиган бўлди.
500 dan ortiq olimlar O‘zbekiston Prezidentiga bilim va tajribalarini bir maqsad yo‘lida safarbar etishga va’da berishdi
500 dan ortiq olimlar O‘zbekiston Prezidentiga bilim va tajribalarini bir maqsad yo‘lida safarbar etishga va’da berishdi
O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Shavkat Mirziyoyevga “Buyuk ajdodlar merosi – III Renessans poydevori” mavzusidagi respublika forumi ishtirokchilarining MUROJAATI qabul qilindi.
O‘zbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazi tomonidan tashkil etilgan mazkur forum mamlakatimiz ijtimoiy va madaniy-ma’rifiy hayotida yorqin iz qoldirdi.
Forumda yurtimizning barcha hududlaridan 500 dan ortiq yetuk olimlar, fan arboblari, ekspertlar, yosh tadqiqotchilar, shuningdek, diniy soha vakillari ishtirok etdi. Ular 10 ta shoʻbaga bo‘lingan holda Islom sivilizatsiyasi markazining ilmiy-tarixiy konsepsiyasi hamda uning tarkibidagi muzey ekspozitsiyasini shakllantirishga bag‘ishlangan 50 dan ortiq ma’ruzalarni tinglab, 600 ga yaqin taklif va mulohazalarini bildirdilar.
Anjumanda O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Shavkat Mirziyoyevga “Buyuk ajdodlar merosi – III Renessans poydevori” mavzusidagi respublika forumi ishtirokchilarining MUROJAATI qabul qilindi.
Murojaatda jumladan, shunday deyiladi: “Yurtimiz tarixida birinchi marta amalga oshirilayotgan noyob megaloyiha sifatida baholanayotgan O‘zbekistondagi Islom sivilizatsiyasi markazini barpo etish to‘g‘risidagi tashabbusingiz muqaddas dinimizning tinchlik, insonparvarlik va bag‘rikenglik g‘oyalarini ulug‘lash, xalqimizning buyuk tarixi, boy madaniy-ma’rifiy merosini tiklash va dunyoga targ‘ib etish borasidagi doimiy e’tibor va g‘amxo‘rligingizning yuksak amaliy namunasi sifatida ayniqsa tahsinga sazovordir”.
Darhaqiqat, ushbu markaz o‘zbek xalqining ulug‘vor tarixi va madaniy merosi hamda diniy qadriyatlarining betakror timsoli sifatida bunyod etilayotgani qayd etilib, murojaatda shunday fikrlar bildirildi: “Bugungi tahlikali davrda, xususan, islom nomi bilan amalga oshirilayotgan xurujlar avj olgan bir sharoitda, ushbu markaz har qanday yot g‘oyalarga qarshi ilmiy raddiyalar orqali javob beradigan yetakchi ilmiy-ma’rifiy maskanlardan biriga aylanadi. Shuningdek, bu yerdagi barcha muzey ekspozitsiyalarida aks etadigan ilmiy-tadqiqot ishlanmalari yoshlarni yangi O‘zbekistonni barpo etishdek yuksak vazifaga yetaklab, buyuk ajdodlarimiz tarixi haqidagi to‘g‘ri fikrni shakllantirishga xizmat qiladi, deb ishonamiz”.
Murojaat yakunida: “Biz, Forum ishtirokchilari Islom sivilizatsiyasi markazini ilm va ma’rifat, yangi g‘oyalar ishlab chiqadigan chinakam aql markaziga aylantirish yo‘lida Sizga yordamchi va ko‘makchi bo‘lib, chin dildan mehnat qilishga, o‘zimizning bor bilim va tajribamiz, iste’dodimizni shunday ulug‘ ishga bag‘ishlashga va’da beramiz,”- degan so‘zlar yurtimizdagi barcha olimlar, fan arboblari, yosh tadqiqotchilar, turli soha vakillarining dil izhori sifatida yangradi.
Anjuman yakunida O‘zbekistondagi Islom sivilizatsiya markazining ilmiy-ma’rifiy faoliyatini yanada takomillashtirish, uning tarkibidagi muzey ekspozisiyasi bilan bog‘liq ishlarni muvofiqlashtirish maqsadida Ilmiy kengashni tashkil etish bo‘yicha forum ishtirokchilari tomonidan qaror qabul qilindi. Mazkur Ilmiy kengashga forum doirasida bildirilgan 600 dan ortiq takliflarni tahlil qilgan holda amaliyotga joriy etish bo‘yicha “Yo‘l xaritasi”ni ishlab chiqish hamda hukumatga taqdim qilish yuzasidan vazifalar belgilab berildi.
Ўзбекистон олимлари форуми старт олди
Пойтахтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Ислом Цивилизацияси маркази томонидан “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” Ўзбекистон олимлари форуми иш бошлади.
Илмий анжуманнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5186-сон қарорининг “Жаҳон илм-фани тараққиёти ва цивилизациясига ҳисса қўшган аждодлар илмий меросини тадқиқ қилиш ҳамда янги юксалиш давридаги ютуқларни тарғиб қилиш” бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган илмий-тадқиқот ишлари, музей, архив, кутубхона ва қўлёзмалар фондини бойитиш тадбирларини ташкил этишни таъминлашга қаратилган.
Икки кунлик Форумда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси институтлари вакиллари, шунингдек, мамлакатимиз олий ўқув юртлари етакчи олимлари, музейлар, кутубхона ва турли ҳамкор ташкилот ва муассалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишмоқда.
500 га яқин иштирокчини қамраб олган Форумда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалар, келгуси режаларини намоён этадиган 10 дан ортиқ семинарлар ва тақдимотлар ташкил этилмоқда.
"Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" китоб-албомлари Британия кутубхонасига хадя қилинди
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Жаҳон жамияти Британия кутубхонасига "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" китоб-албомининг 50 та жилдини ҳадя қилди.
Ўзбекистоннинг элчиси Равшан Усмонов, Британия кутубхонаси амалиётлари бўйича директори Жас Рай ва иккала давлат вакиллари иштирок этган топшириш маросими Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди.
Маълумот учун: Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Жаҳон жамияти “Ўзбекистон маданий мероси” кўп жилдли туркуми доирасида Британия коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон тарихий-маданий меросининг ноёб экспонатларига бағишланган бир неча жилдлар чоп этилган. «Марказий Осиё санъати Фисвилям музейида» китоб-албоми «Марказий Осиё мероси Кембриж университети тўпламларида» туркумининг биринчи жилдидир. Ф. И. Мелвилл таҳриридаги мазкур жилд энг қадимги вақтлардан Хива хонлиги ва Бухоро амирлигини ҳам қамраб олган кейинги ислом давригача Марказий Осиё Икки дарё оралиғи санъатига бағишланган.
Кейинги китоб-албом «Ўзбекистон маданий мероси Буюк Британия тўпламларида» деб нимланиб, асосан учта музей – Буюк Британиянинг асосий тарихий-археологик музейи ва дунёдаги энг йирик маданий муассасалардан бири бўлган Британия музейи, Оксфорд университетининг Эшмол музейи ва «Баррелл коллекцияси» сақланаётган Глазгодаги ноёб жамоат музейининг коллекцияларидаги артефактлар тақдим этилган. Коллекцияларнинг ҳар бири ўз-ўзича қизиқарли ва Бирлашган қиролликнинг тарихда Ўзбекистон халқларининг хилма-хил маданиятига нисбатан кўрсатган катта қизиқишларини акс эттиради.
Ўзбекистон маданий меросига оид қимматли нашрлар Лувр музейидан жой олди
Лувр музейи ўз коллекциясини Ўзбекистон маданий меросига оид қимматли нашрлар билан бойитди. Парижда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидан 50 жилдлик китоб-албомлар Лувр музейига тантанали совға қилиш маросими бўлиб ўтди. Лувр музейи директорининг дипломатик маслаҳатчиси Лионард Балтазар совға учун чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу китоблар музей коллекциясига қимматли қўшимча бўлишини таъкидлади.
Тошкентда рассом Гули Громованинг "Тинчлик таъми" номли кўргазмаси очилди
Тошкентда рассом Гули Громованинг "Тинчлик таъми" номли кўргазмаси очилди. Гуля Громова 15 йилдан ортиқ қўшни Олмаотада яшаб ижод қилсада, унинг ижодий услубининг асослари ўзбек рассомчилик мактабида қўйилган. Рассом Бенков рассомчилик коллежи ҳамда Тошкент театр ва рассомлик институтида тахсил олган. Унинг картиналарининг қаҳрамонлари ҳоҳ дарвеш, хоҳ вазир, хоҳ улуғвор хоним – ҳар бир образда рассом ўзининг лирикаси ва визуал ёрқинлигини моҳирона уйғунлашган. Масалан, кўргазма учун яратилган "Кабутарли қиз" асарида Гули Громова ўз болалик хотираларидан илҳомланган.
Турк киноижодкорлари билан янги — "Мавораннахр" кинолойиҳаси ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда
Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида Кинематография агентлиги Бадиий кенгашининг турк киноижодкорлари билан яратилиши режалаштирилаётган "Мавораннахр" кинолойиҳаси бўйича муҳокама бўлиб ўтди. Кинематография агентлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Агентлик раҳбарияти, ва бадий кенгаш аъзолари ва эксперлари Седат Сағиркая бошчилигидаги турк киноижодкорларидан иборат делегация билан лойиҳа бўйича музокоралар ўтказди.
Учрашувда меҳмонлар TRT Avaz телеканали бош координатори Седат Сағиркая, продюсер Ўмер Беёғлу, тарихчи ва маданиятшунос Иса Акпинар, режиссёр Экрем Арслан ва ТРТ Ўзбекистон ваколатхонаси раҳбари Низам Шаҳин киносаройни кўздан кечириб, илиқ фикрлар билдирди. Шу билан бирга, «Мавораннахр» деб номланган ҳужжатли сериал ишлаш масаласи муҳокама қилинди. Таклиф этилаётган лойиҳага кўра, Мовароуннаҳр ўлкасининг географияси, фиқҳ илми, диний таълимотлар, фалсафа, архитектура ва ҳаёт тарзига бағишланган 10 қисмли сериал ишланади.
Ҳужжатли сериал лойиҳаси Бадиий кенгаш томонидан илиқ қабул қилинди. Шу мавзу юзасидан лойиҳа тақдимоти ўтказилгач, турк киноижодкорлари томонидан Ўзбекистонда тарихий манзиллар, актёрлар, техник кўмак масаласида ёрдам сўралди. Таклиф Бадиий кенгаш аъзолари томонидан қўллаб-қувватланиб, ҳужжатли сериални суратга олиш ишларида ўзбек ва турк олимлари ҳамкорликда фаолият юритиши кераклиги таъкидланди.
Июль ойида Ўзбекистонда Қирғиз кино кунлари ўтказилади
Ўзбеккино миллий агентлигида Қирғиз Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари Тимурлан Ажималиев бошчилигидаги делегация билан учрашувда маълум қилинди.
Делегация вакиллари дастлаб Миллий кино санъати саройида жойлашган Ўзбекистон кино санъати музейи билан танишди. Меҳмонлар кино санъати саройида амалга оширилган ўзгаришларни юқори баҳолаб, барча кинозаллар замонавий талаблар асосида барпо этилганини олқишлади.
Шундан сўнг Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги Халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи Нусубали Жакипбеков, “Қирғиз Республикаси маданияти кунлари” тадбири бош режиссёри Эгемберди Чалабаев ва Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси 2-котиби Дастан Шермаматов ҳамда Кинематография агентлиги ва Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Кинематография агентлиги директор ўринбосари Шуҳрат Ризаев учрашув аввалида 15–18 май кунлари Бишкекда ўтказилган “Ўзбек киноси кунлари”ни юқори даражада ташкил этгани учун қирғизистонлик ҳамкасбларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, учрашувда ўзбек ва қирғиз киноижодкорлари биргаликда тасвирга олаётган “Бир куни Самарқандда” номли фильм ҳақида ҳам сўз борди. Тимурлан Ажималиев ушбу лойиҳага Қирғизистон маданият вазирлиги бевосита кўмак беришини таъкидлади.
Учрашув давомида томонлар июль ойида ташкил этилиши кўзда тутилган ўзбек-қирғиз маданият ҳафталиги, унинг доирасида бўлиб ўтадиган кино кунлари ҳақида гаплашишди. Делегация вакиллари томонидан кино кунларини Миллий кино санъати саройида ўтказиш таклифи берилди ва бу мамнуният билан маъқулланди. Учрашув якунида меҳмонларга Кинематография агентлигининг махсус совғаси топширилди.
BUYUK BRITANIYA, AVSTRIYA VA NIDERLANDIYALIK EKSPERTLAR WOSCU LOYIHALARI BILAN TANISHISHDI
O‘zbekiston madaniy merosini o‘rganish, saqlash va ommalashtirish bo‘yicha Butunjahon jamiyati (WOSCU) ofisida O‘zbekiston, Buyuk Britaniya, Avstriya va Niderlandiyaning yetakchi olimlari ishtirokidagi ilmiy brifing bo‘lib o‘tdi. Tadbir davomida madaniy meros sohasida hamkorlikda ilmiy tadqiqot va noshirlik ishlarini olib borish istiqbollari, xalqaro hamkorlikni mustahkamlash masalalari muhokama qilindi.
Tadqiqotchilar madaniyat va tarix sohasidagi ilmiy ishlar, shuningdek, turli madaniy jamoalar o‘rtasidagi o‘zaro munosabatlarni yaxshilashga qaratilgan ijtimoiy loyihalarga alohida eʼtibor qaratdilar. Mehmonlar 70 jildlik “O‘zbekiston madaniy merosi jahon to‘plamlarida”, 20 jildlik “O‘zbekiston obidalaridagi bitiklar”, faksimile ko‘rinishida chop etilgan qo‘lyozma yodgorliklar, sovg‘a nashrlari, shuningdek, hujjatli filmlar bilan tanishishdi. WOSCU raisi Firdavs Abduxoliqov xorijlik olimlarni Butunjahon jamiyati faoliyatining yangi yo‘nalishlari bilan tanishtirdi:
– Ushbu loyihalarni amalga oshirishda asosiy qiyinchiliklardan biri ayrim xorijiy ilmiy muassasalar bilan aloqa o‘rnatish edi. Ilgari bu jarayon madaniy merosni muhofaza qilish borasidagi yondashuvlardagi farqlar, byurokratik to‘siqlar tufayli qiyin kechgan. Mamlakatimiz Prezidentining qatʼiyati va talabchanligi, xalqaro hamkorlar, WOSCU jamoasi ishini faollashtirish, shuningdek, O‘zbekiston madaniy merosini saqlash va o‘rganish bo‘yicha bir maqsadni ko‘zlagan ijtimoiy masʼuliyatli biznes vakillarining Eriell Group timsolida qo‘llab-quvvatlashi tufayli mazkur yo‘nalishda sezilarli yutuqlarni qo‘lga kiritish imkoni yaratildi. Shu bois bugun olimlar, muzeylar vakillari bilan o‘tkazilgan ilmiy uchrashuv doirasida biz nafaqat loyihalarimizga eʼtibor qaratdik, balki sharqshunoslik, qo‘lyozma merosi sohasidagi nufuzli mutaxassislardan ham ko‘mak oldik. Umid qilamizki, endi loyihamiz yangi izlanishlar va ilmiy kashfiyotlar bilan boyib boradi. O‘rnatilgan aloqalar bizga noyob ashyolar va hujjatlar bilan tanishish imkonini beradi, bu esa, o‘z navbatida, O‘zbekistonning madaniy merosi haqidagi bilimlarimizni sezilarli darajada kengaytirish, mutaxassislar va umuman keng omma uchun foydali bo‘lgan qator ilmiy nashrlar va kitoblarni tayyorlash imkonini beradi.
Oksford universitetining Bodlian kutubxonasi mutaxassisi Nikolas Kontovas O‘zbekistonda fan va madaniyat sohalariga salmoqli yordam ko‘rsatilayotganini taʼkidladi.
- Ko‘ryapmanki, siz juda katta ish qilyapsiz. WOSCU Kembrij to‘plamlari haqidagi bir nechta kitoblarni nashr etdi. Bodlian kutubxonasi fondi haqida ham kitob chiqarsangiz yaxshi bo‘lardi, chunki bizning fondimizda eski o‘zbek tilida yozilgan 200 nusxa qo‘lyozma mavjud. Arab va fors tillarida yozilgan bir qancha kitoblar ham borki, ularni tadqiq qilish va nashr etish borasida WOSCU bilan hamkorlik qilishdan mamnun bo‘lamiz. Bu yerdagi kabi ilm-fan va madaniyatni beqiyos darajada qo‘llab-quvvatlash boshqa mamlakatlarda kam uchraydi. Bugungi kunda bunday yirik madaniy loyihalarni ilgari surish tobora qiyinlashib bormoqda va O‘zbekistonda xalqning tarixi va madaniyatiga bunday yuksak eʼtibor qaratilayotganidan xursandman. Bu tajriba O‘zbekistonning boshqa mamlakatlardagi obro‘-eʼtiborini yana-da oshirmoqda”, — dedi u.
Sharqshunoslar o‘z bilim va tajribalari bilan o‘rtoqlashishdan mamnun bo‘lib, bu boradagi hamkorlikni davom ettirish istagini bildirishdi, madaniy merosni asrab-avaylash va kelajak avlodlarga yetkazishda bunday izlanishlar juda muhimligini taʼkidladilar.
Самарқандда "Баҳодир Ялангтўш" фильминг илк катта премераси бўлиб ўтди
Самарқанд шаҳридаги "Мўъжиза" амфитеатрида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “Баҳодир Ялангтўш” тарихий бадиий фильмининг премераси ўтказилди. Фильм Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Эзгу фильм” студияси томонидан суратга олинган.
Сенарий муаллифлари Ҳасан Тошхўжаев ва Жаҳонгир Аҳмедов, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов, операторлар Иван Соломатин, Иззатилла Лутфуллаев, продюсер Зафар Йўлдошев. Фильмда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Матёқуб Матчонов, Боир Холмирзаев, Бекзод Муҳаммадкаримов, Тоҳир Саидов каби маҳоратли актёрлар рол ижро қилган. Баҳодир Ялангтўш образини таниқли актёр Ҳабибулло Низомов гавдалантирган.
Кинокартинада буюк сардор, Регистон мажмуаси бунёдкори, Самарқандга ҳокимлик қилган саркарда Баҳодир Ялангтўшнинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳикоя қилинади.
Кино — келажакнинг нурли йўли
Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида ўзбек киноижодкорларининг «Кино — келажакнинг нурли йўли» ижодий форуми бўлиб ўтди. Унда 400 дан ортиқ кино санъати вакиллари иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон халқ артистлари Ражаб Адашев, Ёдгор Садиев, Гавҳар Зокирова, Теша Мўминов каби санъат дарғалари, шу билан бирга, Қамара Камалова, Элёр Ишмуҳаммедов, Али Ҳамроев, Ҳамидулла Ҳасанов, Зулфиқор Мусоқов, Дилмурод Масаидов, Музаффархон Эркинов каби режиссёрлар, дубляж актрисаси Мукамбар Раҳимова, таниқли кино актёр ва актрисалар, мутахассислар қатнашди.
Тошкентда “Худойберган Деванов ва унинг даври” фотокўргазмаси очилди
Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида “Худойберган Деванов ва унинг даври” фотокўргазмаси ўз ишини бошлади.
Кўргазма Халқаро музейлар кунига бағишланган. Худайберген Девановнинг илк суратлари Хоразм халқи ва тарихига чинакам муҳаббатни акс эттирувчи этнографик суратлардир. Кўргазмада 60 га яқин архив фотосуратлари ўрин олган.
Кўргазма 2024-йилнинг 17-июнига қадар давом этади.
Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги анимация мактабига ташриф буюрди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 май куни пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий кино санъати саройига ташриф буюрди. Сарой биноси 2021-йилда тўлиқ таъмирланди. Катта-кичик заллар, ёзги кинотеатр, анжуманлар зали замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Президентимиз "Янги Ўзбекистон — янги кино санъати" музейи, тарихий фильмлар либослари кўргазмаси, таниқли киноижодкорларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар билан танишди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тимур Бекмамбетов номидаги анимация мактабида бўлди. Бу ерда Хўжа Насриддин ҳақидаги тўлиқ метражли анимацион фильмни яратиш ишлари давом этмоқда. Тимур Бикмамбетов ва ёш аниматорлар ижод учун яратилган шароитлар, янги имкониятлар учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирди.
– Хўжа Насриддин ҳақидаги анимацион фильмимизни биринчи бўлиб Ўзбекистон қўллаб-қувватлади, ўшандан бери бизнинг лойиҳамизга Туркия, Татаристондан янги қизиқишлар билдирилмоқда. Тошкентдаги мактаб намунаси асосида биз Алметьевск ва Анқарада ҳам худди шундай лойиҳаларни бошладик. Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Кинематография агентлиги кўмаги билан биз учта янги мактаб очмоқдамиз. Демак, ҳудудлардаги иқтидорли ўзбек болалари янги касб-ҳунар ўрганиш имкониятига эга бўлади”, — деди Тимур Бекмамбетов.
Бекмамбетов Голливуд юлдузлари Крис Пратт ва Ребекка Фергюсон иштирокида янги “Меҳр-муҳаббат” фильмини суратга олиш майдончасидан алоқага чиқди. Мактаб фаолиятини театр ва кино режиссёри Александр Гамиров бошқаради.
4 ойлик интенсив машғулотлар ва 8 ойлик амалиётдан ўтган талабалар ҳозирда Шимолий Африка ва Яқин Шарқдан то Марказий Осиё ва Хитой минтақасигача бўлган халқларни бирлаштирган қаҳрамон ҳақидаги лойиҳа устида ишламоқда. Бу мамлакатларнинг барчасида Хожа Насриддин миллий қаҳрамон саналади ва унинг келиб чиқиши ҳақида турли мунозалар мавжуд, лекин Хўжанинг ватани Ўзбекистон. Хўжа Насриддинни маҳаллий аниматорларчалик ҳеч ким яхши билмайди, шунинг учун анимация маҳаллий ижодкорлар томонидан яратилмоқда.
— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев анимация ўта мураккаб, лекин ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашга қаратилгани билан жуда муҳим жараён эканлигини таъкидлади. У миллий қадриятларимиз асосида ўзимизнинҳ контентларимизни яратиш зарурлигини таъкидлади”, — дейди студия раҳбари Александр Гамиров.
Халқ қаҳрамони ҳақидаги муҳим лойиҳани қўллаб-қувватлаган биринчи давлат Ўзбекистон бўлди. Лойиҳани ишлаб чиқариш тўғрисида 2021-йилда Тошкент халқаро кинофестивали доирасида қарор қабул қилинган, тегишли келишувни Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва ўша йилги ҳакамлар ҳайъати раиси Тимур Бекмамбетов имзолаган. Ҳамкорликнинг бир қисми сифатида Тошкентда биринчи анимация мактаби очилди, у ерда актёрлик мактаблари битирувчилари аниматорлик касбини эгаллашлари ва анимацион лойиҳа устида ишлашлари мумкин.
Шу вақт ичида ўқишга 220 дан ортиқ ариза келиб тушди, улардан 50 нафар истиқболли талаба саралаб олинди. Мактаб ўнлаб ўзбек ўғил-қизларига аниматорлик касбини эгаллаш ва стипендия олиш имкониятини берди. Бугунги кунда лойиҳада Ўзбекистондан ташқари Татаристон ва Туркия ҳам иштирок этмоқда ва йил охиригача унга Хитой ва Саудия Арабистони қўшилиши кутилмоқда. Лойиҳада Ўзбекистон етакчи ўринни эгаллайди, ўқувчилар дастурни муваффақиятли тамомлаганидан сўнг Нукус, Самарқанд ва Бухорода янги мактаблар очишга қарор қилинди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги раҳбарияти ўтган йили Тошкент кинофестивалида маълум қилган эди.
Мактабларнинг 3 та ҳудудда очилиши Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида анимация ишлаб чиқариш саноатининг етакчисига айлантиради. Бу муҳим ташаббус, чунки 2022-йил охирида ЮНEСКОга аъзо туркий тилли дунё мамлакатлари маданият арбоблари саъй-ҳаракатлари билан Хожа Насриддиннинг саргузаштлари ҳақидаги ҳикоялар жаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Канн кинофестивали доирасида Ўзбекистон миллий павильони иш бошлади
Францияда 77-Халқаро Канн кинофестивали бўлиб ўтмоқда. Кинофестивалда 100га яқин давлатдан иштирокчилар қатнашаётган бўлиб, унинг доирасида Ўзбекистон миллий павильони ҳам иш олиб бормоқда.
Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази масъул вакилларидан иборат ўзбек делегацияси хорижлик кино мутахассислари ва ихлосмандларини янги миллий кино маҳсулотлари билан таништирмоқда.
Ўзбек павильонида "Фариданинг икки минг қўшиғи", "101-рейс", "Якшанба", "Пандемия", "Эврилиш", "Илҳақ" бадиий фильмлари ҳамда "Улуғ Амир ва донна Мария", "Баҳодир Ялангтўш" каби янги фильмларнинг айни кунларда Канн кинофестивали меҳмонлари учун тақдимоти ўтказилмоқда.
Шунингдек, делегация аъзолари томонидан халқаро майдонда Тошкент халқаро кинофестивали ҳақида батафсил маълумот берилиб, таклифлар қабул қилинмоқда.
— "Ўзбекистон Канн кинофестивалда қатнашмаган, сўнгги йиллардан қатнаша бошлади. Президентимиз томонидан кино соҳасида шу каби кўплаб муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Мана шу ислоҳотлар натижасида Янги Ўзбекистонда янги кино санъатига бўлган эътибор жуда юқори. Айнан ўзбек павильонининг Канн кинофестивалида очилиши ҳам бунга яққол мисол бўлади. Давлат раҳбарининг кино соҳасидаги ислоҳотлари самараси ўлароқ Янги Ўзбекистон даврида халқаро фестивалларда ўзбек павильонларининг иштирокини кузатяпмиз. Бундай нуфузли кинофестивалда ўзбек павильони очилиши бизни ғурурлантиради. Бу бизга кино санъатимизни ривожлантиришга, саноатимизни дунёга олиб чиқишга ёрдам беради", дея ўз фикрини билдирди Агентлик директори.
Фестивалнинг биринчи кунида Уммон давлатининг "Screan Films" кинокомпанияси ва қозоғистонлик кино вакиллари билан учрашув ўтказилиб, ўзбек фильмлари ва Тошкент кинофестивали билан таништирилди.
Канн кинофестивали 25 майгача давом этади.
Франция Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллий кино ва анимация маркази билан ҳамкорлик битими имзоланди
Айни кунларда Францияда нуфузли 77-Канн кинофестивали давом этмоқда. Унинг доирасида фаолият юритаётган Ўзбекистон павильонида ҳам хорижлик меҳмонлар учун ўзбек миллий фильмларининг тақдимотини ўтказиш билан бирга бир қатор давлат ва нодавлат киноташкилотлари ҳамда йирик кинокомпаниялар билан ҳамкорлик музокаралари олиб борилмоқда.
Жумладан, бугун Миллий кинематографияни ривожлантиш маркази директори Фурқат Усмонов Франция Миллий кино ва анимация маркази (СNС) билан ҳамкорлик битимини имзолади.
Ҳамкорлик битими икки давлат ўртасида ко-продукция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, француз ва ўзбек киноижодкорларининг мунтазам учрашувларини ташкил қилиш, маданий алмашинув, таълим соҳаси ҳамда ҳамкорликда кино саноатини ривожлантириш каби масалаларни қамраб олади.