Logo
search icon
global icon

uzb

iconshadow
iconshadow
iconshadow
[object Object]

Июль ойида Ўзбекистонда Қирғиз кино кунлари ўтказилади

17:58 / 04.06.2024

Ўзбеккино миллий агентлигида Қирғиз Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари Тимурлан Ажималиев бошчилигидаги делегация билан учрашувда маълум қилинди. 

Делегация вакиллари дастлаб Миллий кино санъати саройида жойлашган Ўзбекистон кино санъати музейи билан танишди. Меҳмонлар кино санъати саройида амалга оширилган ўзгаришларни юқори баҳолаб, барча кинозаллар замонавий талаблар асосида барпо этилганини олқишлади.

Шундан сўнг Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги Халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи Нусубали Жакипбеков, “Қирғиз Республикаси маданияти кунлари” тадбири бош режиссёри Эгемберди Чалабаев ва Қирғиз Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси 2-котиби Дастан Шермаматов ҳамда Кинематография агентлиги ва Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази вакиллари иштирокида учрашув ташкил этилди.

Кинематография агентлиги директор ўринбосари Шуҳрат Ризаев учрашув аввалида 15–18 май кунлари Бишкекда ўтказилган “Ўзбек киноси кунлари”ни юқори даражада ташкил этгани учун қирғизистонлик ҳамкасбларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, учрашувда ўзбек ва қирғиз киноижодкорлари биргаликда тасвирга олаётган “Бир куни Самарқандда” номли фильм ҳақида ҳам сўз борди. Тимурлан Ажималиев ушбу лойиҳага Қирғизистон маданият вазирлиги бевосита кўмак беришини таъкидлади.

Учрашув давомида томонлар июль ойида ташкил этилиши кўзда тутилган ўзбек-қирғиз маданият ҳафталиги, унинг доирасида бўлиб ўтадиган кино кунлари ҳақида гаплашишди. Делегация вакиллари томонидан кино кунларини Миллий кино санъати саройида ўтказиш таклифи берилди ва бу мамнуният билан маъқулланди. Учрашув якунида меҳмонларга Кинематография агентлигининг махсус совғаси топширилди.