Logo
search icon
global icon

uzb

iconshadow
iconshadow
iconshadow
[object Object]

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги анимация мактабига ташриф буюрди

14:28 / 22.05.2024

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 май куни пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий кино санъати саройига ташриф буюрди. Сарой биноси 2021-йилда тўлиқ таъмирланди. Катта-кичик заллар, ёзги кинотеатр, анжуманлар зали замонавий жиҳозлар билан таъминланди. 

Президентимиз "Янги Ўзбекистон — янги кино санъати" музейи, тарихий фильмлар либослари кўргазмаси, таниқли киноижодкорларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар билан танишди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тимур Бекмамбетов номидаги анимация мактабида бўлди. Бу ерда Хўжа Насриддин ҳақидаги тўлиқ метражли анимацион фильмни яратиш ишлари давом этмоқда. Тимур Бикмамбетов ва ёш аниматорлар ижод учун яратилган шароитлар, янги имкониятлар учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирди.

Хўжа Насриддин ҳақидаги анимацион фильмимизни биринчи бўлиб Ўзбекистон қўллаб-қувватлади, ўшандан бери бизнинг лойиҳамизга Туркия, Татаристондан янги қизиқишлар билдирилмоқда. Тошкентдаги мактаб намунаси асосида биз Алметьевск ва Анқарада ҳам худди шундай лойиҳаларни бошладик. Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Кинематография агентлиги кўмаги билан биз учта янги мактаб очмоқдамиз. Демак, ҳудудлардаги иқтидорли ўзбек болалари янги касб-ҳунар ўрганиш имкониятига эга бўлади”, — деди Тимур Бекмамбетов.

Бекмамбетов Голливуд юлдузлари Крис Пратт ва Ребекка Фергюсон иштирокида янги “Меҳр-муҳаббат” фильмини суратга олиш майдончасидан алоқага чиқди. Мактаб фаолиятини театр ва кино режиссёри Александр Гамиров бошқаради.

4 ойлик интенсив машғулотлар ва 8 ойлик амалиётдан ўтган талабалар ҳозирда Шимолий Африка ва Яқин Шарқдан то Марказий Осиё ва Хитой минтақасигача бўлган халқларни бирлаштирган қаҳрамон ҳақидаги лойиҳа устида ишламоқда. Бу мамлакатларнинг барчасида Хожа Насриддин миллий қаҳрамон саналади ва унинг келиб чиқиши ҳақида турли мунозалар мавжуд, лекин Хўжанинг ватани Ўзбекистон. Хўжа Насриддинни маҳаллий аниматорларчалик ҳеч ким яхши билмайди, шунинг учун анимация маҳаллий ижодкорлар томонидан яратилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев анимация ўта мураккаб, лекин ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашга қаратилгани билан жуда муҳим жараён эканлигини таъкидлади. У миллий қадриятларимиз асосида ўзимизнинҳ контентларимизни яратиш зарурлигини таъкидлади”, — дейди студия раҳбари Александр Гамиров.

Халқ қаҳрамони ҳақидаги муҳим лойиҳани қўллаб-қувватлаган биринчи давлат Ўзбекистон бўлди. Лойиҳани ишлаб чиқариш тўғрисида 2021-йилда Тошкент халқаро кинофестивали доирасида қарор қабул қилинган, тегишли келишувни Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва ўша йилги ҳакамлар ҳайъати раиси Тимур Бекмамбетов имзолаган. Ҳамкорликнинг бир қисми сифатида Тошкентда биринчи анимация мактаби очилди, у ерда актёрлик мактаблари битирувчилари аниматорлик касбини эгаллашлари ва анимацион лойиҳа устида ишлашлари мумкин.

Шу вақт ичида ўқишга 220 дан ортиқ ариза келиб тушди, улардан 50 нафар истиқболли талаба саралаб олинди. Мактаб ўнлаб ўзбек ўғил-қизларига аниматорлик касбини эгаллаш ва стипендия олиш имкониятини берди. Бугунги кунда лойиҳада Ўзбекистондан ташқари Татаристон ва Туркия ҳам иштирок этмоқда ва йил охиригача унга Хитой ва Саудия Арабистони қўшилиши кутилмоқда. Лойиҳада Ўзбекистон етакчи ўринни эгаллайди, ўқувчилар дастурни муваффақиятли тамомлаганидан сўнг Нукус, Самарқанд ва Бухорода янги мактаблар очишга қарор қилинди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги раҳбарияти ўтган йили Тошкент кинофестивалида маълум қилган эди.

Мактабларнинг 3 та ҳудудда очилиши Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида анимация ишлаб чиқариш саноатининг етакчисига айлантиради. Бу муҳим ташаббус, чунки 2022-йил охирида ЮНEСКОга аъзо туркий тилли дунё мамлакатлари маданият арбоблари саъй-ҳаракатлари билан Хожа Насриддиннинг саргузаштлари ҳақидаги ҳикоялар жаҳон мероси рўйхатига киритилди.