Ўзбекистонлик талабалар суратга олган фильм халқаро танловда ғолиб бўлди
“48 соатлик кинопойга” халқаро танловининг “Энг яхши фильм” номинациясида Ёлқин Тўйчиев устахонаси талабалари томонидан суратга олинган “Манзилсиз уй” фильми ғолиб бўлди. Режиссёр Жасур Туробхўжаев, сценарий муаллифлари Марьям Пўлатова ва Лианна Саломова.
18 май куни Марказий Осиё кино ижодкорлари учун ўтказилган “48 соатлик кинопойга” якунланди. Икки сутка ичида иштирокчиларга сценарий тайёрлаш, тўрт дақиқагача бўлган қисқа метражли фильм суратга олиш топшириғи берилди. Унга атиги 48 соат вақт ажратилди.
Танлов ғолиблари "New York Film Academy"да фильм-мейкинг курсида ўқийди, "NYFA"дан кинорежиссура, саҳна маҳорати, продюсерлик, монтаж ва постпродакшн, операторлик маҳорати каби йўналишлар бўйича стипендия олади.